“Маҳалла” телеканали фаолиятининг йўлга қўйилиши муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманидаги маъруза

08 Январь 2015 Версия для печати

Ассалому алайкум, матбуот анжумани иштирокчилари! Юртимизда рақамли телеканаллар сони янада кўпаяётгани сизни қутлаб турганимдан бағоятда хурсандман.

Рақамли телевидение – мамлакатимиз телекоммуникация соҳасининг жадал ривожланаётган ва аҳолининг барча қатламларини қамраб олаётган йўналишларидан бири. Бугун мазкур янги хизмат турининг тақдим этилиши кўламини кенгайтириш ва сифатини янада яхшилашга катта аҳамият берилмоқда.

2006 йили Женевада рақамли эшиттириш режасини тузиш бўйича Ҳудудий радиоалоқа конференциясининг иккинчи сессиясида Ўзбекистон рақамли телерадиоузатишга босқичма-босқич ўтиш юзасидан шартномани имзолаган. МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, рақамли стандартга босқичма-босқич ўтиш бўйича ишлар бошланган.

Амалий ишлар 2008 йил 22 августда Тошкент ва Бухоро шаҳарларида рақамли телевизион узаткичларни ўрнатиб, рақамли телевидение тажрибавий ҳудудларини ташкил этишдан бошланди. Ушбу ҳудудларда рақамли телевидение тизимининг ўзига ҳос хусусиятлари чуқур ўрганилиб, келгуси ишлар учун техник-услубий асос белгиланди.

2010 – 2014 йилларда барча ҳудудларда, жумладан Тошкент, Самарқанд, Нукус, Ургенч, Андижон, Фарғона, Гулистон, Ангрен, Бекабод, Термиз, Наманган шаҳарларида, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Жиззах вилоятларида рақамли телевидение узаткичлари ўрнатилди.

Амалга оширилган ушбу ишлар натижасида ҳозирда республика аҳолисининг 54 фоизидан ортиғи, жумладан барча вилоятлар марказлари рақамли телевидение дастурларини қабул қилиш имконига эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 апрелдаги ПҚ-1741-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтиш бўйича Давлат дастури” тасдиқланган. Унга кўра рақамли телевидениега ўтиш икки босқичда, биринчи босқич 2012 – 2015 йилларда, иккинчи босқич 2016 – 2017 йилларда амалга оширилиши белгиланган.

Ушбу Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 апрелдаги ПҚ-2157-сон «Ўзбекистон Республикасида ер усти рақамли телевидениени ривожлантириш учун Япония халқаро ҳамкорлик банки ва Япония тижорат банкларининг имтиёзли кредитини жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига мувофиқ, Япония халқаро ҳамкорлик банки билан биргаликда «Ўзбекистон Республикасида ер усти рақамли узатиш тармоқларини ривожлантириш» инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Унга кўра тегишли шартнома имзоланган бўлиб, унда Давлат дастурининг 1-босқичига мувофиқ жами 84 та (жумладан, 2015 йилда 37 та, 2016 йилда 47 та) юқори қувватли рақамли телевидение узаткичларини ўрнатиш, Давлат дастурининг 2-босқичига мувофиқ 2017 йилга қадар узоқ ва бориш қийин аҳоли яшаш пунктларида жами 400 тагача кам қувватли рақамли телевидение узаткичларини ўрнатиш режалаштирилган.

Давлат дастурини амалга ошириш натижасида Республика аҳолисини рақамли телевидение билан қамрови 100% га етказилади.

Ҳозирги кунда замонавий телевизорларга эга бўлган оила ушбу рақамли телеканалларни томоша қилиш имкониятига эга.

Аналог сигналларни қабул қилувчи анъанавий телевизор эгалари рақамли телеканалларни махсус рақамли сигналларни қабул қилувчи қурилмалар (ТВ-тюнерлар) ёрдамида томоша қилиши мумкин. Айтиш жоизки, Навоий эркин-иқтисодий индустриал ҳудудида “Telecom Innovations” корхонаси томонидан шу турдаги тюнерларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шу билан бирга, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган телевизорлар рақамли сигналларни қабул қилиш имкониятига эга.

Рақамли телевидение – бу кўп дастурли телевидение хизматларини тақдим этиш, теледастурлар сифати кўрсаткичларини яхшилаш, кўшимча интерфаол хизматларни кўрсатиш демакдир.

Видеотасвирларни юқори даражада аниқлик билан узатиш имконияти пайдо бўлмоқда. Рақамли телекўрсатувлар мамлакатимиз радиочастота ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, битта аналог телеканалда бир қанча теледастурларни тарқатиш имконини беради. Бунда электр энергия ва эксплуатация харажатлари ҳам мутаносиб равишда камаяди.

Аминмизки, ташкил этилаётган янги “Маҳалла” рақамли телеканали ҳам рақамли телерадиоузатишнинг замонавий технологиясидан самарали фойдаланган ҳолда, маънавий-маърифий дастурлари орқали юртдошларимизнинг севимли телеканалларидан бирига айланади.


Davra
ОБРАЩЕНИЕ ГРАЖДАН Статистика Обратная связь Телефон доверия